Ўзбекистонда 6 та трансчегаравий муҳофаза ҳудудини барпо этиш масаласи муҳокама қилинди

Учрашувда барқарор яшил иқлим борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Жаҳон банкининг Атроф-муҳит, табиий ресурслар ва мовий иқтисодиёт бўйича глобал директори Валерие Ҳискей билан учрашди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда барқарор яшил иқлим борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Валерие Ҳискей Жаҳон банки илк маротаба кўчиб юрувчи турларни муҳофаза қилишга бағишланган конвенцияда иштирок этаётганлигини ва Самарқандга келганидан жуда мамнунлигини билдирди. Шунингдек, Ўзбекистонда ёввойи ҳайвонларнинг йўқолиб кетаётган турларини қайта тиклаш борасида муҳим ишлар қилинаётганини таъкидлади.
Шу билан бирга, учрашувда чиқиндиларни бошқариш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар алоҳида қайд этилди.
“Ўзбекистонда чиқиндиларни бошқариш соҳасига катта эътибор қаратиляпти. Бу эса мақсадларимиз муштарак эканлигини англатади. Бундан ташқари, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш ва уларни саралаш, соҳадаги тадбиркорлар ва ишчиларнинг ҳам давлат томонидан қўллаб-қувватланиши бизни Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилаётганимиздан хурсанд қилади”, — деди Валерие Ҳискей.
Ўз навбатида Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонда соҳа олдига қўйилган мақсадлар, хусусан, чиқиндиларни бошқариш тизимини самарали йўлга қўйиш, айланма иқтисодиётни татбиқ этиш ва “нол чиқинди” тамойилининг муҳимлиги ҳақида сўз юритди.
“Энди чиқиндилар иқтисодиётнинг қимматли ресурсига айланади. Биз ҳар томонлама манфаатли бўлган яшил жамият қуришни мақсад қилганмиз”, — деди вазир.
Учрашув давомида 6 та трансчегаравий муҳофаза қилинадиган ҳудудларни барпо этишга қаратилган лойиҳа муҳокама қилинди. Бу лойиҳа ноёб турдаги ҳайвонларни қўриқлаш, асраш билан бирга экотуризмни ривожлантиришга ҳам катта ҳисса қўшади.
Якунда чиқинди соҳасида етакчи компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш, соҳага Жаҳон банки томонидан инвестицияларни олиб кириш ҳамда грантлар ажратилиши борасида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Ўзбекистонда сувли-ботқоқли ерларни муҳофаза қилиш бўйича Миллий стратегия ишлаб чиқилади