Ўзбекистонда Болливуд фильмларини суратга олиш кутилмоқда

Ҳиндистонлик ижодкорлар Ўзбекистонда суратга олиш мумкин бўлган жойларни ўрганади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Ўзбекистонда ҳинд фильмларини суратга олишни бошлаш режалаштирилмоқда, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон элчиси Сардор Рустамбоев Осиё кино ва телевидение академияси ҳузуридаги Медиа ва санъат университети асосчиси ва ректори Сандип Марва билан учрашди. Унда Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги маданий-гуманитар йўналишларда янги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда ёшларни биргаликдаги ўқув дастурлари доирасида қамраб олиш, таниқли ўзбек ва ҳинд санъат ва кино усталари иштирокида қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш манфаатли экани айтилди.
“Икки халқнинг яқин урф-одатлари, қадриятлари ва анъаналаридан келиб чиқиб, биргаликда бадиий фильмлар суратга олиш, телевизион кўрсатувлар тайёрлаш, қўшма мусиқий клиплар суратга олиш ўзаро англашув ва маданиятлараро алмашинувга хизмат қилади”, — дейилади хабарда.
Сандип Марва "Ипак йўли дурдонаси" Тошкент халқаро кинофестивали доирасида бўлиб ўтган музокара ва мулоқотлар чоғида янги қўшма лойиҳалар муҳокама қилингани ва ҳозир уларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилаётганини маълум қилди.
“Учрашувда жорий йил ҳиндистонлик таниқли кино продюсерлари ва сценарийнависларининг Ўзбекистонга ижодий сафарларини ташкил қилиш, янги киноасарлар лойиҳаларини тайёрлаш ва уларни суратга олиш мумкин бўлган масканларни ўрганиш юзасидан келишувга эришилди”, — дея қўшимча қилинди хабарда.
Мен ўзбек фильмида роль ижро этишга тайёрман - Митҳун Чакраборти билан интервью
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Ўзбекистон, Россия ва Ҳиндистон биргаликда “Али бобо ва қирқ қароқчи” фильмининг замонавий талқинини яратиши ҳақида маълум қилинган эди.