ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Венгриянинг энг йирик “OTP” банки бошқаруви раиси Шандор Чаньини қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Учрашувда “OTP” гуруҳига давлатнинг “Ипотека-банк”даги улушини сотиш бўйича битим доирасидаги ҳамкорликнинг ижобий суръати мамнуният билан қайд этилди.
Венгриянинг етакчи компаниялари билан, шу жумладан Тошкент вилоятида улар учун ташкил этилаётган махсус иқтисодий зона негизида қишлоқ хўжалиги, виночилик, ирригация, кимё, фармацевтика ва саноатнинг бошқа тармоқларида кооперацияни янада чуқурлаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Шандор Чаньи ўз сўзида Венгрия бизнеси Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини жадал кенгайтиришга тайёрлигини таcдиқлади.
Учрашув якунида “OTP” банки бошқаруви раисига “Дўстлик” ордени топширилди.