Ўзбекистон ва ЕОИИ

ЕОИИда янги молиявий механизмни амалга оширишда фаол иштирок этиш керак — ЕИК вазири

Вазир кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги шакли Иттифоқ давлатларининг сармоявий жозибадорлигини оширишини алоҳида таъкидлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 фев — Sputnik. Евроосиё иқтисодий иттифоқида ҳамкорлик лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш механизмининг жорий этилиши иқтисодиётнинг реал секторига Евроосиё интеграциясининг янги босқичига чиқиш имконини беради. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссиясининг саноат ва агросаноат комплекси вазири Гоар Барсегян “Россия-2030 ва янги жаҳон иқтисодий тартиби: асосий омиллар ва бизнеснинг роли” халқаро форумида айтиб ўтди.
“Янги механизмни амалга ошириш ЕОИИ доирасида 2030 йилгача ва 2045 йилгача бўлган даврда иқтисодий жараёнларни янада ривожлантириш тўғрисидаги декларацияда акс этган саноатни ривожлантиришнинг асосий вазифаларини ҳал қилишга ёрдам беради”, — деди Гоар Барсегян.
Вазир кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги шакли Иттифоқ давлатларининг сармоявий жозибадорлигини оширишини алоҳида таъкидлаб, ишбилармон доиралар уюшмалари ва бизнес вакилларини янги миллатлараро воситани амалда татбиқ этишда фаол иштирок этишга чақирди.
“ЕОИИ мамлакатларини асосий озиқ-овқат турлари билан таъминлаш даражаси 93 фоизга етди. Бу аъзо давлатларга юзага келаётган муаммоларга жамоавий асосда самарали қарши туриш имконини беради”, — деди вазир.
Якунда Гоар Барсегян интеграция аъзо давлатларга берадиган имтиёзлардан самарали фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади. Вазирнинг сўзларига кўра, “бешлик” мамлакатлари иқтисодиётининг бир-бирини тўлдириши уларга нафақат оддий фуқароларнинг турмуш даражасини яхшилаш, балки бутун Евроосиё маконида ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича энг улуғвор мақсадларни қўйиш имконини беради.
Ўзбекистон ва ЕОИИ
ЕОИИ давлатларида лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга оид ҳужжат ратификация қилинди