ТОШКЕНТ, 7 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Беларусь президенти Александр Лукашенко 7-9 февраль кунлари расмий ташриф билан мамлакатда бўлади, деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ташриф дастурига мувофиқ олий даражадаги музокаралар ўтказилиши, уларда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари кўриб чиқилиши режалаштирилган.
"Ўзаро товар айирбошлашни ошириш, қишлоқ хўжалиги, енгил ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика, коммуникациялар ва бошқа тармоқларда кооперация алоқаларини ривожлантириш масалалари диққат марказида бўлади", — дейилади хабарда.
Профессионал таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ва туризм соҳаларида шерикликни ривожлантириш дастурлари ҳам муҳокама қилинади.
Музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатлар тўпламини қабул қилиш кўзда тутилган.
Маълумот учун, ташриф арафасида Тошкент шаҳрида икки мамлакат ҳудудлари ва тадбиркорлари иштирокида қатор ишбилармонлик тадбирлари – Ҳудудлараро форум ва Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Беларусь президенти Александр Лукашенко Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти (ШҲТ) саммитида иштирок этиш учун амалий ташриф билан Ўзбекистонга келган эди.