БАА компанияси Ўзбекистонда чиқиндидан муқобил энергия олишга ёрдам беради

Абу-Дабининг чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги энг йирик компанияси Навоий ва Бухоро вилоятларидаги чиқинди полигонлари ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналарини ўрганади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 фев — Sputnik. Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) компанияси Ўзбекистонда чиқиндини қайта ишлаш ва ундан муқобил энергия олишни мақсад қилган лойиҳа устида ишламоқда, дея хабар берди Экология вазирлиги.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Абу-Дабининг чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги энг йирик “Tadweer” компанияси директори Али ал-Дҳаҳери ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

“Tadweer" билан амалга ошириладиган лойиҳа лойиҳанинг аҳамияти шундаки, қаттиқ маиший чиқиндиларни утилизация қилиш орқали уларнинг ҳажми камайтирилади ва кимёвий моддалар зарарсизлантирилади. Шу билан бирга, чиқиндиларни ёқиш натижасида муқобил энергия ишлаб чиқариш ва иккиламчи моддий ресурсларни ажратиб олиш имконияти яратилади", — деди Абдуҳакимов.

Учрашув давомида чиқиндиларни йиғиш, мониторинг тизимини жорий этиш, “яшил” энергия ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

“Тез орада лойиҳанинг амалий қисмига ўтамиз. Дастлаб Навоий ва Бухоро вилоятларидаги чиқинди полигонлари ҳамда чиқиндиларни қайта ишлаш корхоналари фаолиятини ўрганамиз, шарт-шароитларни кўздан кечирамиз. Ҳамкорлигимиз ҳар томонлама самарали бўлишидан манфаатдормиз”, — деди Али ал-Дҳаҳери.

Эслатиб ўтамиз, Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP28) доирасида “Tadweer” компанияси билан меморандум имзоланган. Меморандум чиқиндиларни бошқариш соҳасида замонавий инновацион экологик тоза технологиялар ва хизматларни жорий этишни назарда тутади. Лойиҳа тозаланмаган чиқиндиларни полигонларга жойлаштиришни қисқартириш, янги иш ўринлари яратиш, атмосферага иссиқхона газлари ва заҳарли органик моддаларни чиқаришни камайтиришга хизмат қилади.