ТОШКЕНТ, 2 фев — Sputnik. Бугун, 2 февраль куни, Ўзбекистон Ҳукумати делегацияси Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши ва рақамли форумда иштирок этиш учун Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ҳукумат портали хабар берди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов раислигида икки мамлакат ҳукуматлари делегацияларининг учрашуви бўлиб ўтди.
Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари дўстлик, яхши қўшничилик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида жадал ривожланаётгани, давлат раҳбарлари кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб бергани таъкидланди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида барча соҳада ижобий ўсиш динамикаси кузатилмоқда. Хусусан, ўтган 7 йилда товар айирбошлаш ҳажми 2 баробардан зиёд ошди. Иқтисодиётнинг турли тармоқларида муҳим қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Транспорт ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Минтақалараро ҳамда маданий-гуманитар ҳамкорлик янада кенгаймоқда.
Учрашувда кун тартибидаги ушбу ва бошқа долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.