Нега крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ ҳаракатлар учун жавобгарлик кучайтирилди?

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига крипто-активлар айланмаси ва майнингга оид бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Уларда жарималар ҳам, аниқ муддатлар ҳам назарда тутилган.
Sputnik
Ўзбекистон Жиноят кодекси – “Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини бузиш” ва “Майнинг фаолиятини ноқонуний амалга ошириш” моддалари, шунингдек, "крипто-актив" ва “майнинг” атамалари билан тўлдирилди. Шунга ўхшаш моддалар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам қўшилди.
Бундан ташқари, Жиноят-процессуал кодексига киритилган қўшимчаларда дастлабки тергов ва суриштирувни амалга оширадиган орган кўрсатилган.
Президент томонидан 19 январда имзоланган тегишли қонун 2024 йил 19 апрелдан кучга киради.
“Мазкур қонун лойиҳаси ташаббускорлари Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) билан биргаликда ишлаб чиқилди. Ўзбекистонда крипто-активлар айланмасини тартибга солувчи қонунчиликка киритилган ушбу ўзгартиришлардан мақсад нафақат янги турдаги жиноятларнинг олдини олиш, балки яширин иқтисодиётга қарши курашишга ҳисса қўшишдир”, — деб тушунтирди ИЛМА крипто-активлари айланмаси соҳасини ривожлантириш бўлими бошлиғи Асқаржон Зокиров Sputnik мухбирига.
Унинг эслатишича, 2023 йил сентябрь ойида ҳам қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилган. Унда лицензия ёки рухсатномасиз фаолият олиб борилгани учун жарима белгиланган. Яъни, хизмат кўрсатувчи провайдер лицензияси бўлмаган фаолият учун ҳуқуқбузар БҲМнинг 300 бараварини(102 миллион сўм), рухсатномасиз майнинг учун эса БҲМнинг 150 бараварини (51 миллион сўм) тўлаши керак. Бироқ, қоидабузарлар жарима билан чекланиб қолмайди.
Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда маълум қилинишича, ушбу қўшимча ва ўзгартиришлар Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун шахсларнинг жавобгарлигини аниқ белгилаб беради.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, крипто-активларни ноқонуний қўлга киритиш, сотиш ёки айирбошлаш, хизмат кўрсатувчи провайдерларнинг лицензиясиз фаолияти 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш ёки крипто-активларни ва бу ҳуқуқбузарликларни содир этиш воситаларини мусодара қилиш билан БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари томонидан аноним крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима белгиланган.
Майнинг фаолиятини белгиланган тартибни бузган ҳолда амалга ошириш, мазкур ҳуқуқбузарликни содир этиш қуролларини мусодара қилинган ҳолда 5 суткагача маъмурий қамоққа олишга ёки БҲМнинг 20 бараваридан 30 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Аноним крипто-активлар майнинги билан шуғулланиш, крипто-активларни ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этиш қуролларини мусодара қилинган ҳолда мансабдор шахсларга БҲМнинг 30 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Шунингдек, ушбу моддада аҳамиятли ва катта миқёсда содир этилган жиноят учун жазо назарда тутилган.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, жиноятлар такрор содир этилган бўлса, катта миқдорда жарима ёки ахлоқ тузатиш ишларидан тортиб, чеклов ҳамда озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо билан жазоланади.
Масалан, крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунни такроран бузганлик учун БҲМнинг 300 бараваридан 400 бараваригача миқдорида жарима ёки 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш белгиланган.
Худди шундай ҳаракатлар, масалан, лавозимидан фойдаланган ҳолда ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Бундан ташқари, иккала моддада ҳам жиноят тайёрланаётган ёки содир этилаёиганлиги ҳақида ихтиёрий равишда хабар берган ва унинг фош этилишига фаол ҳисса қўшган шахс жавобгарликка тортилмаслиги белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон крипто-активлар айланмаси соҳасида кўраётган тартибга солиш чоралари мамлакатга “сезиларли мувофиқлик” рейтингини олиш имконини берди. Бу жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳига (EAG) аъзо давлатлар томонидан жиноий даромадлар айланмасига, терроризмни ва оммавий қирғин қуролларни тарқатишни (FATF тавсияларига биноан) молиялаштиришга қарши курашиш бўйича халқаро стандартларга мувофиқлигини ўзаро баҳолаш натижасидир. Дунёда атиги 23 та давлат бундай рейтингга эга бўлган, улардан бири Ўзбекистон, дея аниқлик киритди ИЛМА.
Агентлик, шунингдек, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари крипто-активларни фақат миллий провайдерлар орқали сотиб олиши, сотиши ва айирбошлаши мумкинлигини эслатиб ўтди. Айни пайтда Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасида 14 та хизмат кўрсатувчи провайдер – 2 крипто-биржа, 2 крипто-депозитарий ва 10 крипто-дўкон лицензияга эга.
Майнинг фаолияти қуёш энергияси билан амалга оширилади — низом