Ўзбекистонда 250 миллиондан ортиқ дарахтларнинг рақамли харитаси яратилди

Дарахтларнинг саноғини амалга оширишда энг камида 5 ёш ва ундан юқори бўлган дарахтлар ҳисобга олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 янв — Sputnik. Ўзбекистонда 250 миллионтадан ортиқ дарахтларнинг координаталари аниқланиб, рақамли харитаси яратилди, дея хабар берди Экология вазирлиги.
Айтилишича, ҳозирда республикадаги барча дарахтлар рақамлаштирилиб, хатловдан ўтказилмоқда. Тошкентда эса дарахтлар синов тариқасида паспортлаштирилади.

“Атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш технологиялари илмий-тадқиқот институти билан бирга сунъий йўлдошдан олинган космик суратлар, масофадан зондлаш, геоахборот тизимлари ҳамда сунъий интеллект технологиялари ёрдамида барча дарахтлар хатловдан ўтказилди. Жойлашув координаталари, сони аниқланди ҳамда рақамли харитаси яратилди”, — дейилади хабарда.

Бунда АҚШ, Канада, Хитой, Ҳиндистон, Австралия, Россия, Германия ва Япония каби давлатларнинг тажрибаси ўрганилди.
"Дарахтларнинг саноғини амалга оширишда энг камида 5 ёш ва ундан юқори бўлган дарахтлар ҳисобга олинди. Мазкур тадқиқот ишлари Ўзбекистон ҳудудидаги барча вилоятлар ва туманлар кесимида амалга оширилди", — дейилади хабарда.
Демак, жами 254 миллион 162 минг 505 дона дарахтнинг координаталари аниқланди ва уларнинг рақамли харитаси яратилди.
Дарахтларни паспортлаштириш 3 босқичда амалга оширилади:
1-босқичда аэрокосмик тасвирлар ва дастурий воситалардан фойдаланган ҳолда мавжуд дарахтлар тўлиқ хатловдан ўтказилади.
2-босқичда хатлов натижасига кўра аниқланган дарахтларнинг тури, ёши, бўйи, ҳолати ва жойлашув координатаси ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилади.
3-босқичда маълумотлар базаси асосида “Яшил макон” электрон платформасида ҳар бир дарахтга паспорт шакллантирилади ва ID рақам берилади.
“1-босқич доирасида барча вилоятлардаги яшил қоплам майдони аниқланди. Бунда ҳудудлардаги барча дарахтлар ва буталарнинг майдонига, сунъий йўлдошлар орқали олинган фотосуратлардан фойдаланиб, геоахборот тизими орқали ишлов берилди”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, 2-3-босқичларда хатлов ишларини инспекторлар жойига чиққан ҳолда амалга оширмоқда.
"Бунда “Яшил макон” электрон платформаси такомиллаштирилиб, дарахтлар хатлови бўйича дарахатлар реестри тизими жорий этилди. Тизим орқали махсус планшетлар ёрдамида дарахтларнинг тури, диаметри, ҳолати, координатаси, сурати, ва масъул ташкилот тўғрисидаги маълумотлар киритилиб борилмоқда", — дея қўшимча қилинган хабарда.
Ҳозирги кунда республика бўйича жами 200 мингдан ортиқ дарахтлар хатловдан ўтказилиб, маълумотлар электрон платформага киритилди.
Қайд этилишича, синов тариқасида Тошкентдаги дарахтларни рақамлаштириш орқали уларни паспортлаштириш учун 100 та комплект қурилма харид қилинмоқда. Дарахтларни паспортлаштириш ишлари натижалари дарахтларга ID рақам бериш орқали “Яшил макон” электрон платформасида акс эттирилади.
Кунлик дарахтлар хатлови натижаларини yashilmakon.eco веб-сайти орқали кузатиш мумкин.
Қаерга қандай дарахт экишни республика штаби белгилаб беради
Эслатиб ўтамиз, ўткан йили Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, "Замин" фонди ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳамкорлигида "Дарахтлар реестри" янги қўшма лойиҳа бошланган эди. Лойиҳанинг асосий вазифаси давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, барча параметрлари ва аҳволини кўрсатган ҳолда дарахтларнинг рақамли реестрини яратишдан иборат.
Ўзбекистонда қимматбаҳо дарахтларнинг кесилиши 48 фоизга камайди