ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Тошкент ва Шанхай ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, дея хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков бошчилигидаги делегация Шанхай шаҳар мери Гун Чжен билан учрашди.
Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Шавкат Умурзаков Шанхай шаҳар мери Гун Чжен билан учрашди.
© Пресс-служба хокимията Ташкента
“Жаноб Гун Чжен Тошкент шаҳри билан шаҳар бошқарувини кучайтириш, туризм соҳасини ривожлантириш, ташқи савдо ва инвестициялар ҳажмини ошириш борасида ҳамкорликка тайёрлигини билдирди”, — дейилади хабарда.
Умурзаков Тошкентни ривожлантириш истиқболларига тўхталиб, қатор таклифларни билдирди ҳамда уларни амалга ошириш устида биргаликда ишлашни таклиф қилди.
Учрашув якунида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Шанхай мэрияси ўртасида “Тошкент ва Шанхай шаҳарлари ўртасидаги 2024-2026 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик меморандуми” имзоланди.
Шунингдек, Хитойга ташриф давомида “Тошкент инвест компанияси” АЖ ва “JAC” компанияси ўртасида Тошкент шаҳрига инвестициялар киритиш ва саноат зонасида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича тегишли келишув имзоланди.
Қолаверса, “Shanghai Construction Group” корпорацияси билан йўллар реконструкцияси, кўкаламзорлаштириш ва йўл ўтказгичларини қуриш борасида келишувлар имзоланди. Бундан ташқари, “Jibao Electrical” компанияси билан Тошкент шаҳрида трансформаторлар ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этишга ҳам келишилди.