Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин нималарга келишиб олишди — тафсилотлар

Ўзбекистон етакчиси хитойлик шерикларни мамлакатдаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг расмий делегациялар аъзолари иштирокидаги музокаралари бўлиб ўтди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Томонлар Ўзбекистонда Хитойнинг “Лу Бань устахонаси” профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа бошланганини олқишлашди.
Қайд этилишича, ўтган йил якунлари бўйича товар айирбошлаш 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда буни 20 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар борлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.
Кейинги йилларда Хитойдан Ўзбекистон иқтисодиётига инвестициялар ҳажми беш баробар, қўшма корхоналар сони эса уч баробар ошди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев
“Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва “яшил” энергетикада технологиялар трансфери соҳаларида ҳамкорлик дастурларини тайёрлаш ва қабул қилишга келишиб олинди. Шу маънода, ўтган йил охирида Ўзбекистонда Хитой компаниялари иштирокида қуввати 1000 мегаваттлик иккита янги қуёш электр станциялари фойдаланишга топширилгани мамнуният билан қайд этилди”, — дейилади хабарда.
Хитойнинг етакчи банклари, “Ипак йўли” фонди ва Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки билан самарали молиявий-техник ҳамкорликнинг бугунги даражаси юқори баҳоланди.
Ўзбекистон етакчиси инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий воситаларини кенгайтириш, жумладан, қўшма платформа яратиш борасида келишувларга эришилганини, шунингдек, Хитой Эксимбанкининг Тошкент шаҳрида Марказий Осиё учун минтақавий офис очиш қарорини олқишлади.
“Президентимиз хитойлик шерикларни Ўзбекистондаги давлат корхоналари ва банкларини хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга чақирди”, — дейилади хабарда.
Етакчилар ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашганига мамнуният билдиришиб, бу борадаги ҳамкорликни мувофиқлаштириш учун Ўзбекистон ва Хитой ҳудудлари кенгашини тузишга келишиб олишди.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин
“Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида Трансминтақавий транспорт ва транзит кўпригининг муҳим таркибий қисми бўладиган “Хитой – Қирғизистон - Ўзбекистон” темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳим экани таъкидланди.
Таълим ва туризм соҳасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш, ўзаро маданият кунларини ўтказиш амалиётини давом эттириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Қўшма Ёшлар инновация форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Режалаштирилган барча тадбирлар ва илгари сурилган ташаббусларни амалга ошириш мақсадида томонлар Ҳукуматлараро қўмита ва унинг барча кичик қўмиталари йиғилишларини жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказишга аҳдлашиб олди.
Таъкидланишича, “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позиция ўзгармас экани тасдиқланди.
Музокаралар якунида Ўзбекистон етакчиси ХХР раҳбарини ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди ҳамда дўст Хитой халқининг яқинлашиб келаётган хитойча Янги йил – “Чунь Цзе” байрами билан табриклади.