ТОШКEНТ, 22 янв – Sputnik. Глобал исиш олимлар абадий музлоқлардан топган қадимги Сибир вирусларининг юзага чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Guardian” ёзмоқда.
“Ушбу “Мафусаил микроблари” штаммлари – ёки зомби вируслари ҳам дейилади – тадқиқотчилар томонидан аллақачон таъкидланган”, — дейилади мақолада.
Илмий ҳамжамият вакиллари узоқ ўтмишдаги хавфли инфекция глобал миқёсда янги эпидемияни қўзғатиши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Ҳозирда улар қадимий микроорганизмлар келтириб чиқарадиган касалликларнинг дастлабки ҳолатларини аниқлайдиган Арктика мониторинги тармоғини яратишни режалаштиришга киришган, деб аниқлик киритади нашр.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, улар абадий музлоқларда қандай вируслар яширинганини аниқ билишмайди, аммо глобал исиш уларни юзага чиқариб юбориши ва масалан, полиомиелитнинг қадимги шаклини келтириб чиқариши мумкин.
Экс-Марсел университетидан генетик олим Жан-Мишель Клавери 2014 йилда шунга ўхшаш тажрибани ўтказган эди. Бир гуруҳ олимлар билан биргаликда у Сибир вирусларини аниқлаб, улар ўн минглаб йиллар давомида абадий музликларда кўмилган бўлишига қарамай, бир ҳужайрали организмларга касаллик юқтириш қобилиятига эга эканлигини исботлаган.
Клаверининг сўзларига кўра, Арктикада саноат ривожланиши музнинг эриши билан биргаликда жуда кўп патоген микроорганизмларнинг тарқалишига олиб келади. Ушбу минтақада кончилик билан шуғулланадиган одамлар вируслар таъсирига учрайди. Бунинг оқибатлари ҳалокатли бўлиши мумкин, деб хулоса қилди француз генетики.