ТОШКЕНТ, 22 янв — Sputnik. Ҳалокатга учраган Falcon 10 самолётининг тўрт нафар экипаж аъзоси Кобулга етказилди, дея хабар берди Sputnik Афғонистон.
РИА Новостига кўра, Афғонистонда ҳалокатга учраган Falcon 10 хусусий самолёти бортида бўлган икки россиялик ҳалок бўлди. Фавқулодда хизматлар вакили уларнинг жасадларини эвакуация қилиш учун Кобулга махсус самолёт учиб боришини қўшимча қилди.
Экипаж аъзоларининг барчаси (4 нафар) омон қолган.
“Бадахшонда қутқарилган 4 нафар россиялик Кобулга эвакуация қилинди. Уларнинг ҳаёти хавф остида эмас, биринчи ёрдам “Толибон”* Мудофаа вазирлиги ва Транспорт вазирлиги томонидан кўрсатилган”, дейилади хабарда.
Росавиация аввалроқ хабар берганидек, Афғонистонда йўқолган Falcon самолёти Россия Федерациясининг фуқаролик ҳаво кемаларининг давлат реестрида рўйхатдан ўтган. Бортда олти киши бўлган: тўртта экипаж аъзоси ва иккита йўловчи.
Falcon 10 Гая (Ҳиндистон) Тошкент Жуковский йўналиши бўйича чартер санитария рейсини бажарган. Россия туроператорлари ассоциацияси самолёт йўловчилари Волгодонскдан Анна ва Анатолий Евсюковлардан бўлган эр-хотин эканлигини маълум қилди.
Росавиация маълумотларига кўра, қуруқликдаги қидирув-қутқарув хизмати ҳалокатга учраган самолётни топди, бортдаги олти кишидан тўрттаси омон қолди, иккитасининг тақдири аниқланмоқда. Россия ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова РИА Новости агентлигига Россия элчихонаси афғон томони билан ҳамкорликда эканлигини айтди.
*ташкилот террорчилик фаолияти учун БМТ санкциялари остида.