ТОШКЕНТ, 21 янв — Sputnik. Ўзбекистон ва Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазирликлари ҳозирда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари айланмасини 1 млрд долларга етказишга келишиб олди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати раҳбари Дилшод Назиров Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
Икки мамлакат қишлоқ хўжалиги вазирлари Берлинда бўлиб ўтаётган ХVI-Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги халқаро форумида учрашди.
Қайд этилишича, Тожикистон Қишлоқ хўжалиги вазири Қурбон Ҳакимзода билан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва републикада мавжуд агрологистика марказларини яратиш бўйича тажриба алмашиш муҳокама қилинди. Шунингдек, икки мамлакат ўртасида экспорт салоҳиятини оширишда ҳусусий секторни жалб қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
“Тожикистон томонидан 10 минг га майдонда ўзбек селекциясига мансуб уруғлик шоли (“Искандар” ва “Лазурний” навлари) ва сабзавот уруғларини (пиёз ва сабзи) Тожикистонга етказиб бериш ҳамда Хўжанд вилоятида пахта ва шолини ишлаб чиқаришга ихтисослашган агрокластерни яратиш бўйича таклифлар билдирилди”, — дейди Назиров.
Шунингдек, ҳозирда амалга оширилаётган лойиҳаларни (20 га майдонда “Дўстлик боғи”ни барпо қилиш, ўзбек селекцияга мансуб заъфаронни Тожикистонда ҳамкорликда етиштириш ва учинчи давлатларга экспорт қилиш) ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари айланмасини 1 млрд долларга етказишга келишиб олинди.
Шунингдек, вазир Венгрия қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари билан уруғлик картошкани Ўзбекистонда етиштириш бўйича амалга оширилган ишларни муҳокама қилди. Қолаверса, Венгриянинг “Marthon Genetics” компанияси билан ҳамколикда Ўзбекистон тупроқ-иқлим шароитида қовоқнинг юқори ҳосилдор навларини яратишда ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди.