“Ўзбеккосмос” Хитой Фанлар академияси билан меморандум имзолади

Учрашувларда таълим ва кадрлар тайёрлаш, геоахборот тизимларини ривожлантириш, ер ва космик инфратузилмани яратиш каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Жорий йилнинг 15-20 январь кунлари “Ўзбеккосмос” агентлиги директори Шуҳрат Кадиров бошчилигидаги делегация Хитойда амалий ташриф билан бўлиб, Хитойнинг космик тизимлар ва технологиялар соҳасидаги етакчи компаниялари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказмоқда. Бу ҳақда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистон делегацияси Хитой Миллий космик бошқармаси, Хитойнинг "Буюк девор" саноат корпорацияси ва Хитой электрон технологиялар гуруҳи, шунингдек, Хитой Фанлар академияси Ахборот тадқиқот институти вакиллари билан самарали музокаралар ўтказди.
Учрашувларда таълим ва кадрлар тайёрлаш, геоахборот тизимларини ривожлантириш, ер ва космик инфратузилмани яратиш каби соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари атрофлича муҳокама қилинди. Кадрлар тайёрлаш соҳасида таълим муассасалари ўртасида жумладан, талабалар илмий алмашинув имкониятлари ва Коинот тизимлари ва технологиялари соҳасида – геоахборот тизимлари бўйича чуқур ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш режалари ва ташаббуслари кўриб чиқилди.
Хитой Фанлар академиясининг Ахборот тадқиқотлари институти билан музокаралар якунлари бўйича таълим ва кадрлар тайёрлаш, шунингдек, масофавий зондлаш, ер ва космик технологиялар ва қисқа муддатли таълим дастурлари соҳасида ҳамкорлик қилиш учун янги имкониятлар очувчи меморандум имзоланди.
“Ўзбеккосмос” Халқаро астронавтика федерациясига аъзо бўлди