ТОШКЕНТ, 18 янв — Sputnik. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган айрим товарлар божхона божидан озод қилинди. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган тегишли фармонда назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, шу йилнинг 1 мартидан 2026 йил 1 мартгача тадбиркорлар томонидан Ўзбекистонга олиб кириладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган айрим товарлар божхона божлари тўланишидан озод этилади.
Қуйидагилар божхона божидан озод қилинди:
меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебель ва инвентарлар, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар;
чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш фильтрлари;
туризм марказларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар.
Шунингдек, Мўйноқ ва Зомин аэропортларига парвозлар амалга оширилганда 23 ёшгача бўлган ёшлар, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар учун авиайўловчилар чипталарини сотиш 50 фоизлик имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади. Йўловчи ташувчи компанияларнинг ушбу имтиёз тақдим қилиш билан боғлиқ харажатлари бюджет ҳисобидан қоплаб берилади.
Меҳмонхона ва туризм хизматларини кўрсатиш бўйича давлат активларини савдога чиқаришда харид тўловларини, миқдоридан қатъи назар, 5 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти назарда тутилади. Шунингдек, 3 ойдан ортиқ муддат сотилмасдан турган активларнинг бошланғич баҳосини 30 фоизгача пасайтириш, зарур ҳолларда, баланс (қолдиқ) қийматида сотиш чоралари кўриб борилади.
“Зомин”, “Чимён” ва “Амирсой” ҳудудида бож олинмайдиган йирик савдо комплекслари барпо этилади
Фармонга кўра қуйидагилар барпо қилинади:
туризм салоҳияти юқори бўлган туман ва шаҳарларда замонавий меҳмонхоналар (жойлаштириш воситалари) ва майдони 5 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо-кўнгилочар мажмуаларидан иборат бўлган туризм марказлари;
“Зомин” туристик-рекреацион зонаси, “Чимён” халқаро умуммавсумий курорти ва “Амирсой” тоғ-чанғи курорт зонаси ҳудудида бож олинмайдиган (“duty free”) ва йирик халқаро брендларнинг савдо дўконларидан иборат бўлган йирик савдо комплекслари (“Luxury tourism village”).
Шу йилдан хорижий мамлакатларда республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш учун Туризм вакиллари бириктирилади. 2024 йил 1 октябргача туризм марказларининг мастер режалари ишлаб чиқилади.
Шунингдек, 2024 йилдан:
туризм намойиши объектларини ўзаро боғловчи “туризм ҳалқалари”ни ташкил қилиш асосида саёҳат муддатини оширишни назарда тутувчи “Ўзбекистонда яна бир кун саёҳат” дастури амалга оширилади.
республикадаги туризм намойиши объектларини ўзаро боғловчи Туристик йўналишлар (маршрутлар)нинг ягона реестри юритилади.
ҳар икки йилда бир маротаба май ойининг учинчи ҳафтасида мукофот жамғармаси 2 миллион АҚШ доллари бўлган Халқаро “Ўзбекистон ипак матолари” мода ҳафталиги (“SILK UZBEKISTAN FASHION WEEK”) ўтказилади.
миллий заргарлик маҳсулотлари дўконларида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган, қимматбаҳо металлардан тайёрланган ўлчовли қуймалар ҳамда Марказий банкнинг эсдалик пул белгиларини сотиш учун вендинг автоматларини ўрнатишга рухсат берилади.
“Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат” туризм мавсумларининг очилишини назарда тутувчи фестиваллар ўтказилади.