ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 100 мингга яқин мамлакат фуқаросини уюшган ҳолда хорижий давлатларда ишга жойлаштириш учун ўқитишни ташкил этиш бўйича топшириқ берди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Сешанба куни Мирзиёев 2024 йилда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди.
"Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги иш ўринларини яратиш ва аҳолини касбга ўқитиш борасидаги камчиликларни бартараф этиб, 100 минг ишчига касб-ҳунар ва тил ўргатиб, уюшган ҳолда чет эл корхоналарига ишга юбориш вазифаси қўйилди", - деб ёзади шерзод Асалов ўзининг Telegram-каналида.
Давлат етакчисининг сўзларига кўра, Европа, Осиёнинг ривожланган мамлакатлари билан жуда катта келишувлар доирасида 150 мингта ишчига буюртма берилган бўлса-да, бор-йўғи 9 минг ишчи юборилди.
Қайд этилишича, ҳозирда чет элда ишлаётган ватандошларимизнинг аксарияти оддий ва оғир, кам иш ҳақи тўланадиган меҳнат билан шуғулланмоқда.