Ўзбекистонликларни Приморск ўлкасига ишга жалб этиш режалаштирилмоқда

Ўзбекистон ва Приморск ўлкаси меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Ўзбекистон дипломатлари Россиянинг Приморск ўлкаси мутасаддилари билан қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консуллиги дипломатлари Россиянинг Приморск ўлкаси ҳукумати раисининг ўринбосари - Приморск ўлкаси уй-жой коммунал хўжалиги вазири Виталий Блоцкий, қурилиш вазири вазифасини бажарувчи Алексей Першин ва Халқаро ҳамкорлик агентлиги бошлиғи Алексей Старичков билан музокаралар ўтказишди.
Унда меҳнат мигрантлари ҳуқуқларини таъминлаш ва Ўзбекистон фуқароларини Приморск ўлкасига қонуний тарзда ишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
“Приморск ўлкаси расмийлари жорий йилда ҳудудда амалга ошириладиган йирик қурилиш ишларига 7 минг ишчи кучи етишмаётганини маълум қилди. Биринчи босқичда ушбу қурилиш ишларига 1200 нафар ишчини жалб этиш ва уларга барча шароитлар яратиб берилиши таъкидланди”, — дейилади хабарда.
Томонлар Приморск ўлкаси қурилиш вазирлиги ва Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари ўртасида қонуний меҳнат миграциясини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик битимини ишлаб чиқиш ҳамда имзолашга келишиб олишди.
Қайд этилишича, Виталий Блоцкий Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг бугуни ҳолатини юқори баҳолаб, Ўзбекистондан Приморск ўлкасида ишлаётган мигрантларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.