ТОШКЕНТ, 15 янв — Sputnik. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) номаълум эпидемияга олдиндан жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ )хабар берди.
Айтилишича, CОVID-19 пандемияси инсоният учун сабоқ бўлди. Ҳозир коронавирус билан курашиш тажрибаси бор. Аммо қурбонлар кўп бўлди ва ҳамон касаллик минглаб беморлар ўлимига сабаб бўлмоқда.
Мутахассислар фикрича, келгусида бошқа патогенлар ҳам пайдо бўлиши эҳтимоли катта. Атроф-муҳитдаги ўзгаришлар, экологик муаммолар ҳамда биологик қуролланиш авж олиши бунинг асосий омили сифатида баҳоланяпти.
Шу боис ЖССТ экспертлари “Х” хасталигига жиддий тайёргарлик кўриш тарафдори. Чунки номаълум эпидемиянинг исталган пайтда пайдо бўлиш хавфи мавжуд.
Қайд этилишича, “Х" касаллиги коронавирусдан 20 баробар хавфлироқ асоратларни келтириб чиқиши мумкин. Шу сабабли ЖССТ барча потенциал хавфли патогенлар учун вирусга қарши препаратларни олдиндан яратиш зарур, деган хулосада.
“Клиник синовларга имкон қадар тезроқ киришилса, эпидемия пайтида тажрибаларнинг иккинчи босқичи учун ихтиёримизда дорилар мавжуд бўлади”, — дейилади ЖССТ хабарида.
Шу сабабли 2022 йил ноябрь ойида ЖССТ номаълум патогенни ўрганиш учун 300 га яқин экспертлар гуруҳини тадқиқотларга жалб қилган.