Қуролли Кучлар, қурол-яроғ ва ҳарбий техника: Мирзиёевнинг байрам табригидаги фикрлари

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги йўллади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 янв — Sputnik. Ўзбекистоннинг ҳарбий-илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтиришга янада улкан аҳамият қаратилади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан йўллаган байрам табригида маълум қилди.
"Сиз, азизларни, кўпмиллатли бутун халқимизни мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сана – Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Халқимиз сизлар каби мард ва жасур ҳарбийларимиз тимсолида Ватанни ҳимоя қилишдек дунёдаги энг улуғ ишни шараф билан адо этиб, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Бобур Мирзо сингари буюк аждодларимизнинг шонли анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган она юртимизнинг чинакам қалқонларини кўради", — дейилади байрам табригида.
Қайд этилишича, бугунги кунда Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида эришаётган барча ютуқ ва марраларда Қуролли Кучлар ва уларнинг сафларида ўз вазифасини сидқидилдан адо этаётган минг-минглаб ҳарбийларнинг муносиб ҳиссаси бор.
"Халқимизнинг асл ўғлонларига хос фазилатлар улуғланадиган мана шу унутилмас лаҳзаларда Ватан олдидаги бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ботир жангчиларимизни ёд этиб, уларнинг ўлмас хотираси олдида таъзим қиламиз. Ишончим комил, улар ўзларининг жасорати ва ўчмас номлари билан эл-юртимиз қалбида ҳамиша барҳаёт яшайди, жанговар сафларда уларнинг ўрни, азиз хотираси ҳеч қачон йўқолмайди", — дейди президент.
Таъкидланишича, бугунги кунда ҳарбий хизматчиларнинг профессионал маҳорати ва обрў-эътибори жаҳон миқёсида ҳам юксалиб бормоқда. Буни мамлакат Қуролли Кучлари вакилларининг нуфузли халқаро ҳарбий мусобақаларда фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни эгаллаб келаётгани мисолида яққол кўриш мумкин.
Ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва фахрийларни ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ҳам комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон етакчиси шунингдек, дунё миқёсидаги ҳозирги ўта мураккаб вазиятда мамлакат хавфсизлиги ва манфаатларини ишончли таъминлаш янада долзарб вазифага айланаётганини қайд этди. Шуни ҳисобга олган ҳолда, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида мамлакат хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини, жамиятда тинчлик ва тотувликни таъминлаш, юрт мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларни ривожлантириш масалалари устувор йўналишлар этиб белгиланди.
"Шу асосда мамлакатимизнинг ҳарбий-илмий ва ишлаб чиқариш салоҳиятини кучайтириш, Қуролли Кучларнинг жанговар шайлигини ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, қўшинлар фаолиятига рақамли технологияларни кенг жорий этишга янада улкан аҳамият қаратамиз", — дейилади байрам табригида.
Унинг сўзларига кўра, "Буюк Амир Темур бобомиз айтганларидек, ғалаба тақдирини аввало қўшиннинг жанговар руҳи ва тайёргарлиги, маънавий қудрати ва мустаҳкам иродаси ҳал қилади".
Шу боис, миллий армиянинг чинакам куч-қудратини белгилаб берадиган қўрқмас ва довюрак ҳарбийлар қалбида жанговар руҳни ошириш, уларни ҳар қандай қийинчилик ва синовга чидамли ва матонатли этиб тарбиялаш бундан буён ҳам эътибор марказида бўлади.