Россия Ўзбекистонга балиқ овлаш учун квота ҳажмларини оширади

Балиқчилик Федерал агентлиги вакиллари Ўзбекбалиқсаноат уюшмаси ўртасида музокаралар олиб борилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik. Ўзбекистонга Россиядан минтай балиқларининг 50 минг тонналик йиллик таъминоти йўлга қўйилади. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигида Россия Федерациясининг "Балиқчилик Федерал агентлиги" вакиллари ҳамда "Ўзбекбалиқсаноат" уюшмаси ўртасида музокаралар олиб борилди.
Унда Ўзбекистон учун Россиянинг иқтисодий зоналарида балиқ овлаш квотасини ажратиш масалалари ҳамда бу борада Ўзбекистоннинг қўшма корхона ташкил этиш таклифи муҳокама қилинди.
Шунингдек, 2021 йилда Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида имзоланган амалдаги келишув ижросини таъминлаш ҳамда Россиянинг иқтисодий зоналарида балиқ овлаш квотаси ажратиш бўйича қўшимча келишув имзоланиши айтиб ўтилди.

“Ўзбекистон томонидан сўралган 50 минг тонна минтай ва 20 минг тонна сельд балиғини овлаш учун квота ҳажмларини ошириш учун мамлакатдаги ушбу маҳсулотларга мавжуд ички талабдан келиб чиқиб босқичма-босқич амалга оширилиши белгилаб олинди”, — дейилади хабарда.

Маълумот учун, ўтган йили Шавкат Мирзиёевнинг Россияга расмий ташрифи доирасида балиқ овлаш учун квоталар ажратишни ишлаб чиқиш ва кейинчалик Ўзбекистонга тўғридан тўғри йилига 50 минг тонна минтай балиғини етказиб бериш ишларини амалга ошириш топшириғи белгиланган.
Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистонга денгиз маҳсулотларини олиб келишни янада самарали ташкил этиш, аҳолини сифатли ва арзон денгиз маҳсулоти билан таъминлаш ва денгиз маҳсулотини истеъмолини боғча ва мактабларда кенг тарғиб этиш мақсадида, Россиянинг "Балиқчилик Федерал агентлиги" билан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.