Январь ойида Ўзбекистон Қозоғистондан 1 миллион тоннадан ортиқ дон сотиб олади

Етказиб бериш темир йўл орқали амалга оширилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 янв — Sputnik. Шу йилнинг январь ойида Ўзбекистон Қозоғистондан 1,2 миллион тонна дон сотиб олади, дея хабар берди Sputnik Қозоғистон.
“КТЖ-Грузовые перевозки” МЧЖ маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь ойи учун 1,5 миллион тонна дон юкини экспортга ташиш режаси келишилган.

"Уларнинг 1,2 миллион тоннаси Ўзбекистон йўналишидаги Сариагаш чегара пункти орқали ўтади", — дейилади хабарда.

Январь ойи бошида Ўзбекистонга жўнатилган поездлар сони сезиларли даражада ошди (кунига 32-33 та поездгача), хитойлик ҳамкасблар томонидан поездларни қабул қилиш қисқарган (кунига 11-12 та поездгача), дея қўшимча қилди компания.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг январь-октябрь ойларида Ўзбекистон Қозоғистон донининг асосий импортчисига айланди. Мамлакат қарийб 2 миллион тонна маҳсулот сотиб олди.