ТОШКЕНТ, 3 янв — Sputnik. Ўзбекистонда айрим турдаги қурол-яроғ ишлаб чиқаришни маҳалллийлаштириш бошланди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишда маълум қилинди, деб ёзмоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев раислигида мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган хизмат йиғилиши бўлиб ўтди.
Рассмотрены вопросы оборонного строительства и развития Вооруженных Сил
© Пресс-служба президента Узбекистана
Йиғилишда қўшинларнинг жанговар шайлиги ва жанговар қобилиятини янада ошириш, уларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилишича, ўтган даврда бўлинмаларнинг техник ва захира таъминоти тизими тубдан қайта кўриб чиқилди, аутсорсинг хизматлари ва ҳарбий кластерлар тизими жорий қилинди.
“Мудофаа саноати мажмуаси корхоналари фаол ривожлантирилмоқда, айрим турдаги қурол-яроғ ва техника турларини ишлаб чиқариш ва модернизация қилишни маҳаллийлаштириш бошланди”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, маҳаллаларда ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тайёрлашга оид 24 мингдан ортиқ тадбир ўтказилди. “Жасорат мактаблари”даги ўқув йиғинларига 5 минг нафардан зиёд ёшлар жалб қилинди.
Ҳарбий шаҳарчаларда “темир дафтар”га кирган оилаларнинг фарзандлари учун фан, спорт ва санъат турлари бўйича тўгарак ва секциялар ташкил этиш, уларни бригада командирлари ва ҳарбий округ қўмондонларига бириктириш амалиёти йўлга қўйилди.
Жами 580 дан ортиқ тезкор-жанговар тайёргарлик тадбирлари ўтказилди, уларда Қуролли Кучларнинг 35 мингдан зиёд ҳарбий хизматчилари иштирок этди.
Ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ижтимоий ҳимояси кучайтирилди.
“Амалга оширилган ишлар натижасида қўшинларнинг жанговар тайёргарлик самарадорлиги, ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллиги, жанговар руҳи ва психологик шайлиги сезиларли даражада ошди”, — дея қайд этилди хабарда.
Ҳарбий олий таълим муассасалари фаолиятида ҳарбий кадрларни илғор технологиялар асосида тайёрлаш бўйича янги тизим жорий қилинди.
Бундан ташқари, қўшинларни бошқаришнинг замонавий автоматлаштирилган тизимлари босқичма-босқич жорий этилмоқда, алоқа тизимлари такомиллаштирилмоқда.