Инвестицияларни жалб қилиш ва энергетика тизимидаги режалар маълум қилинди

Янги йилда инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва “яшил” энергетикани ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 янв — Sputnik. Бу йил қуёш электр станцияларининг умумий қуввати 2,6 гигаваттга, шамол электр станциялари қуввати эса 900 мегаваттга етказилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтган йиғилишида маълум қилинди.
Йиғилишда инвестиция сиёсатини амалга ошириш ҳамда энергетика тизимида қайта тикланувчи энергия қувватлари улушини кўпайтириш бўйича 2023 йилда қилинган ишлар ва 2024 йилга мўлжалланган режалар тақдимоти ўтказилди.
Қайд этилишича, ўтган йил якуни билан жами 22 миллиард доллардан зиёд хорижий инвестициялар ўзлаштирилган, бу аввалги йилга нисбатан 1,8 баробар кўп.
“Амалга оширилган ишлар таҳлил қилинар экан, жорий йилда хорижий инвестициялар ҳажмини янада кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Бунда асосий эътиборни электротехника, машинасозлик, қурилиш материаллари, фармацевтика, тўқимачилик ва чарм тармоқларига қаратиш топширилди”, —дейилади хабарда.
Шунингдек, йирик инвесторлар билан манзилли ишлаш, инвестицияларни жалб қилишда иқтисодий дипломатияни ва чет элдаги дипломатик ваколатхоналар иштирокини кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
“Янги инвестиция лойиҳаларни амалга оширишда ҳудудлардаги махсус зоналардан ҳамда саноат кооперацияси имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали қўшилган қиймат занжирини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари инвестиция масалаларини ҳал этишда саноат тармоқлари билан яқиндан ишлаши, асосий эътиборни ҳудудларда иқтисодиётни диверсификация қилиш, янги иш ўринларни кўпайтиришга қаратиши шартлиги қайд этилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Халқаро молия институтлари маблағларидан самарали фойдаланиш ва уларни ўз вақтида ўзлаштириш, ушбу маблағларни устувор равишда ижтимоий, инфратузилма ҳамда сув хўжалиги лойиҳаларига йўналтириш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, бу йилда грант маблағларини жалб қилишни фаоллаштириб, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим, фан ва инновация соҳаларида хорижий ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш вазифалари белгилаб берилди.

“Яшил” энергетикани ривожлантириш

2024 йилда қуёш электр станцияларининг умумий қувватини 2,6 гигаваттга, шамол электр станциялари қувватини 900 мегаваттга етказиш ва 400 мегаваттлик энергия сақлаш қурилмаларини ишга тушириш режалаштирилган.
Давлат раҳбари электр энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида ўзгарувчан ишлаб чиқариш қувватлари қўшилишини инобатга олган ҳолда тармоқларни ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди.
Бунда мавжуд тармоқларни модернизация қилиш, янги подстанциялар, узатиш тармоқларини қуриш, замонавий автоматлаштирилган ҳимоя тизимларини, рақамлаштирилган бошқарув тизимларини (SCADA/EMS) жорий этиш, захира қувватлари ва энергия сақловчи тизимларнинг тармоқдаги улушини кўпайтириш чора-тадбирларини белгилаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кўпайтириш

Энергетика тармоғига инвестиция киритаётган асосий хорижий ҳамкорлар билан манзилли ишлаш ва инвестициявий шерикликни янада кенгайтириш мақсадида Энергетика вазирлигининг бу борадаги фаолиятини такомиллаштириш топширилди.
Халқаро тажриба асосида қишлоқ хўжалиги ерларида маҳсулот етиштирувчилар томонидан ўз эҳтиёжлари учун қуёш панелларини ўрнатиш ва электр энергиясини ишлаб чиқариш – агровольтаика амалиётини жорий этиш имкониятини ўрганиш ва ушбу йўналишни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ таклифлар киритишга кўрсатма берилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда қуёш, шамол ва гибрид турдаги электр станцияларни давлат-хусусий шериклик асосида барпо этиш бўйича умумий қуввати 6,3 гигаватт бўлган 28 та лойиҳа доирасида иш олиб борилмоқда.
Шундан 2023 йилда хорижий инвесторлар билан биргаликда умумий қуввати 2,6 гигаваттлик 7 та лойиҳа доирасида дастлабки қувватлар ишга туширилди.
Самарқанд, Жиззах, Сурхондарё, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида бешта қуёш фотоэлектр станцияси, Навоий вилоятида шамол электр станцияси қувватлари тармоққа уланди. Бундан ташқари, айни пайтда Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой каби мамлакатларнинг компаниялари билан ҳамкорликда “яшил” станциялар ва энергия сақлаш тизимларини барпо этиш бўйича 12 лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.