ТОШКЕНТ, 1 янв — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат халқига Янги йил табригини йўллади.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, 2023 йил эл-юрт учун қут-баракали ва омадли келди. Энг муҳими, мамлакатда тинчлик-осойишталик, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурмоқда.
Янги йилда иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратиш янада кучайтирилади. Илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади.
“Янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш эътиборимиз марказида бўлади. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори кўпайтирилади. Хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берамиз. Ижтимоий соҳалар ривожини мутлақо янги босқичга кўтарамиз”, - деди Мирзиёев.
Ватан мустақиллигини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучлар жанговар салоҳиятини ошириш устувор вазифа бўлиб қолади.
“Мухтасар айтганда, янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз”, - деди президент.