“Ёшлар туризми ҳафталиги”да Ўзбекистон бўйлаб қаерларга бориш мумкин?

Ўзбекистонда 2024 йил 1-10 январь кунлари “Ёшлар туризми ҳафталиги” ўтказилади. Ҳафталик доирасида 7 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўқувчи, талаба ва ёшлар республиканинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилишлари тавсия этилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Туризм қўмитаси томонидан Ёшлар ишлари агентлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги билан ҳамкорликда “Ёшлар туризми ҳафталиги” ўтказилади.
Ҳафталикнинг театр томошалари учун афиша:
“12 ой” (рус тилида) – Алишер Навоий номидаги ДАКТ, 3-10 январь;
“Ялмоғизнинг режаси” – Муқимий номидаги Ўзбекистон мусиқали театри, 2-9 январь;
“Қорқиз билан селфи” (рус тилида) – Ўзбекистон давлат академик рус драма театри, 2-7 январь;
“Қора марварид капитани” – Ўзбекистон давлат драма театри, 2-10 январь;
“Қор маликаси” (рус тилида) – Ўзбекистон давлат мусиқали комедия (оперетта) театри, 2-8 январь;
“Қарсилдоқ сири” (“Секрет щелкунчика”) (рус тилида) – Рус драма театри (Фарғона вилояти), 2-10 январь;
“Это наш Дед Мороз” (рус тилида) – Рус драма театри (Самарқанд вилояти), 2-8 январь.
“Ёшлар туризми ҳафталиги” доирасида Uzbekistan Airways барча ички йўналишларга эконом-класс чипталарига 20 фоизлик чегирма тақдим этади. Бундан ташқари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари талабалари ва олий ўқув юртлари талабалари ички рейсларда “Т” ва ундан юқори тарифлар учун 50% чегирмадан фойдаланишлари мумкин.
Шу билан бирга, Тошкентдан Бухоро, Қарши, Нукус, Урганч, Фарғона, Наманган ва Термизга парвозлар сони ортади. 3 январдан 7 январгача мазкур шаҳарлардан пойтахтга жами 11 та қўшимча рейслар амалга оширилади.
“Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ҳам таътил кунларида ёшлар учун чегирмалар эълон қилди.
Шунингдек, ёшлар “Вақф” хайрия жамғармаси тасарруфидаги муқаддас қадамжоларга бепул кириш имкониятига эга бўлади.