ТОШКЕНТ, 29 дек — Sputnik. Эртага, 30 декабрь куни, Ўзбекистон ҳудуди бўйича нисбатан совуқ об-ҳаво бўлади, ёғингарчилик кутилмайди, фақат республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз қор ёғиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Ҳарорат кечаси 0-5 даража совуққача, шимолда 6-9 даража совуққача пасаяди, кундузи 2-7 даража илиқ атрофида бўлади. 31 декабрь ва 1 январь кунлари республиканинг барча ҳудудларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
Бу йил ҳам Ўзбекистон аҳолиси Янги йил байрамини қорсиз кутиб олади.
Кечалари совуқ сақланиб туради, кундуз кунлари эса ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 1 январга келиб 10-13 даража илиққа етади.
Қуруқ об-ҳаво 2 январда ҳам сақланиб туради, лекин бироз совуқ ҳаво кириб келиши ҳисобига кундузги ҳарорат 6-9 даража илиққача пасаяди. Республика бўйича баъзи жойларга туман тушиши кутилмоқда.
Пойтахтда: 30-31 декабрь ва 1-2 январь кунлари ёғингарчилик кутилмайди. Кечаси ва эрталаб туман тушиши мумкин.
Ҳарорат 30 декабрда кечаси 1-3 даража совуқ, кундузи 4-6 даража илиқ, 31 декабрь ва 1-2 январда кечалари 3 даража совуқ, 2 даража илиқ бўлади, 31 декабрь ва 1 январда кундуз кунлари 11-13 даража илиққача аста-секин кўтарилади, 2 январда 7-9 даража илиқ бўлади.