Самарқанд халқаро аэропорти содиқлик дастурига қўшилди

Мазкур дастур аэропортлар ва темир йўл вокзалларидаги халқаро бизнес-залларга кириш имконини беради.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Самарқанд халқаро аэропорти Ўзбекистонда биринчи бўлиб "DragonPass" сайёҳлик содиқлик дастурига қўшилди, дея хабар берди аэропорт матбуот хизмати.
“Йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифатини доимий ошириш мақсадида Самарқанд халқаро аэропортининг янги CIP-зали халқаро содиқлик дастури иштирокчилари учун ўз эшикларини очди. Дастурда рўйхатдан ўтган ва ташриф куни жўнаб кетадиган (чипталари бўлган) йўловчилар бизнес-залдан қўшимча тўловсиз фойдаланишлари мумкин”, — дейилади хабарда.
Самарқанд халқаро аэропортининг CIP залида йўловчилар бар, чекиш хонаси, намозхона, болалар майдончасидан фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек, ташриф буюрувчиларга озиқ-овқат ва ичимликлар жой олган швет столи, гаджетларни қувватлантириш ва дам олиш жойлари, Wi-Fi, "Duty Free" дўконлари ҳам таклиф этилади.
Қайд этилишича, содиқлик дастури бутун дунё бўйлаб 30 миллиондан ортиқ рўйхатдан ўтган мижозларга эга бўлиб, дунё бўйлаб 700 дан ортиқ аэропортларда 1300 дан ортиқ залдан фойдаланиш имконияти мавжуд.
Бундан ташқари, дастур аъзолари бутун дунё бўйлаб 1000 дан ортиқ ресторанлардан, шунингдек, трансферлар ва кутиб олиш ва кузатишхизматларидан фойдаланишлари мумкин.
Илгари Самарқанд аэропортининг CIP зали "Mile-On-Air" платформасидан ONPASS халқаро содиқлик дастурига қўшилган эди.
Маълумот учун, мазкур дастур аэропортлар ва темир йўл вокзалларидаги халқаро бизнес-залларга кириш тизими. У бутун дунё бўйлаб 1300 дан ортиқ бизнес заллари ва 1000 дан ортиқ ресторанларни, шунингдек, трансферлар ва кутиб олиш ва кузатиш хизматларини ўз ичига олади.