ТОШКЕНТ, 25 дек — Sputnik. Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Бу ҳақда президент томонидан имзоланган тегишли фармонда назарда тутилган.
Фармонга кўра, Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг бўйсунуви Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигидан Вазирлар Маҳкамасига ўтказилди.
Қўмита фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасида бош вазир ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими жорий этилди.
Шунингдек, Қўмита раиси билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – Қорақалпоғистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозими;
вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари – вилоятлар ва Тошкент шаҳар оила ва хотин-қизлар бошқармалари бошлиқлари лавозими;
туман (шаҳар) ҳокимларининг ўринбосарлари – туман (шаҳар) оила ва хотин-қизлар бўлимлари бошлиқлари лавозими киритилди.
Оила ва хотин-қизлар илмий-тадқиқот институти негизида Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.