ТОШКЕНТ, 24 дек — Sputnik. Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театр саҳнасида Пётр Илич Чайковскийнинг янгича сайқалланган “Қарсилдоқ” балетининг илк намойиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар берди.
Қайд этилишича, саҳналаштиришларнинг 200 йилдан ортиқ тарихи мобайнида “Қарсилдоқ” асарининг воқеалар ривожи турли-туман талқинларга учраган. Илк маротаба спектакль Тошкентда 1993 йилда намойиш этилган эди.
Мазкур талқин Алишер Навоий номидаги Катта театр саҳнасида ўттиз йил давомида ижро этиб келинди. 2023 йилда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ташаббуси билан Ўзбекистон миллий балети санъаткорлари учун ушбу балет спектаклининг янги шакли тақдим этилди.
Таниқли рус хореографи Максим Петров спектаклнинг анъанавий байрамона мавзусини сақлаб қолиб ва қаҳрамонларни сеҳрли ғаройибот оламига ғарқ қилдиришга интилган ҳолда “Қарсилдоқ”нинг янги сайқалда саҳналаштирди.
"Қайта англанган спектакль томошабинларни рақсларда хиром айловчи қор парчалари, Муз қироллигига саёҳат ҳамда Қарсилдоқ билан учрашувга лиммо-лим мўжизалар ва хаёлот оламига равона қилдирди. Таъсирчан саҳна безаклари, башанг либослар ҳамда замонавий технологиялар томошабинларни асло бефарқ қолдирмади", — дейилади хабарда.
Спектакль таниқли россиялик саҳналаштирувчи арбоблар ва Алишер Навоий номидаги Катта академик театрнинг бадиий жамоаси, Успенский номидаги мусиқа мактабининг Болалар хори, “Булбулча” болалар хор ва рақс ансамбли ҳамда А.Кабдураҳманов бошчилигидаги Миллий симфоник оркестрининг қўшма ижодий ҳамкорлиги натижаси билан бетакрордир.