Ўзбекистон ва Хитой парламентлараро алоқаларни ривожлантиришга келишиб олди

Ўзбекистон ва Хитой норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Хитой парламентлараро алоқаларни янада ривожлантиради. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Хитой Халқ Республикаси Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси ўринбосари Чжан Цинвей бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди.
Унда делегация аъзоларига “Ўзбекистон — 2030” стратегияси, янги таҳрирдаги Конституция ҳамда қуйи палата фаолиятининг асосий йўналишлари ҳақида маълумотлар берилди.
Чжан Цинвей ўз сўзида парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, шу йўналишдаги мулоқотларни кўпайтириш ҳар томонлама фойдали эканини қайд этди.
Айтилишича, бугунги геосиёсий ва геостратегик мураккаб вазият минтақавий хавфсизликни таъминлаш, мамлакатлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашни тақозо этмоқда. Бу йўлда икки мамлакатнинг узвий ҳамкорлиги устувор аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
“Чжан Цинвейнинг фикрича, икки давлат тараққиётининг муҳим босқичида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ислоҳотларни жадал ривожлантиришга қаратилган ишлар муҳим ўрин тутади”, — дейилади хабарда.
Учрашувда шунингдек, норма ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Томонлар парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга келишиб олишди.
БРМини амалга ошириш жаҳон тараққиётининг боришини белгилайди — форумдаги асосий фикрлар