Мирзиёев IT, туризм, инвестиция салоҳиятининг яхлит имижини яратиш бўйича кўрсатма берди

Президент Шавкат Мирзиёев Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 дек — Sputnik. Ўзбекистоннинг ахборот технологиялари, туризм, инвестиция салоҳиятини мужассамлаштирган яхлит имижи яратилади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Рақамли бошқарув марказида “Ўзбекистон–2030” стратегиясига мувофиқ амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди. Мазкур стратегияда мамлакатни минтақавий “IT-НUB”га айлантириш мақсади белгиланган.
Президент Шавкат Мирзиёев Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди.
“2017 йилда юртимизда IT компаниялар сони 147 та бўлган бўлса, ҳозирда 1 минг 600 тага етган. Иш ўринлари ҳам қисқа вақтда 10 баравар кўпайиб, 24 мингтадан ошган. 2017 йилда 600 минг доллар бўлган экспорт ҳажми жорий йил якуни билан 300 миллион доллардан ошиши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
My.gov.uz ягона портали орқали бугунги кунда 8 миллиондан ортиқ аҳоли ва тадбиркорлар 570 турдаги онлайн хизматдан фойдаланмоқда.
Ижро интизоми ягона тизими - ijro.gov.uz орқали давлат идоралари ва уларнинг қуйи бўғинлари ходимлари томонидан 28 миллионта ҳужжат электрон айрибошланган.
Президент бу тизим раҳбарларнинг онги ва масъулиятини ўзгартирганини таъкидлаб, ҳужжатлар интеграцияси ва сифатини яхшилаш, ижро интизоми назоратини кучайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
2022 йилда БМТнинг Электрон ҳукумат рейтингида мамлакат 18 поғона юқорилаб, 69-ўринни эгаллади. 2030 йилга бориб, ушбу рейтингда биринчи ўттизталикка кириш бўйича йиллик чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Шунингдек, “Ўзбекистон–2030” стратегиясида IT хизматлар ва дастурий маҳсулотлар экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланган. Бунинг учун ҳудудларда IT инфратузилмани ва венчур бозорини ривожлантириш, “local to global” тамойили орқали маҳаллий корхоналарни экспортга олиб чиқиш, мамлакатда халқаро компанияларнинг офисларини очиш кўзда тутилган.
Шу мақсадда икки томонлама солиққа тортишнинг олдини олиш, IT-park ҳудудида Англия ҳуқуқини жорий этиш, резидентлар учун солиқ имтиёзларини 2040 йилгача узайтириш, умуман, бу соҳага 100 йиллик қулайлик яратиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Президент Шавкат Мирзиёев Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди.
“Давлат раҳбари мамлакатимизнинг ахборот технологиялари, туризм, инвестиция салоҳиятини мужассамлаштирган яхлит имижини яратиш бўйича кўрсатма берди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, сўнгги 3 йилда IT ўқув марказлари сони 300 дан ошди. “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида таълим олиб, сертификатга эга бўлган ёшлар сони 1 миллион 200 минг нафарни ташкил этди. Ўтган йилдан бошлаб халқаро IT-сертификатларга ўқиш харажатларини 50 фоизгача қоплаб бериш йўлга қўйилди. 215 минг нафар ёшлар халқаро онлайн курсларни битириб, сертификат олди.
Келгуси йилдан бошлаб қуйидагилар амалга оширилади:
Ҳар йили 5 минг нафар иқтидорли ёшларни саралаш, ўқитиш ҳамда ҳалқаро меҳнат бозорига тайёрлаш тизими жорий этилади;
Хоразм вилоятида “Ал-Хоразмий ворислари” лойиҳасида ўқитиш бошланади;
IT соҳасида 300 минг нафар ёшларни халқаро компаниялар талабига мос дастурлар асосида тайёрлаш ва иш билан таъминлаш режалаштирилган.
Президент вазирликнинг “Ўзинфоком – Ягона интегратор” офисида яратилган шароитларни кўздан кечирди, мутахассислар билан суҳбатлашди.
Президент Шавкат Мирзиёев Рақамли технологиялар вазирлигига ташриф буюрди.
Давлат раҳбари ижтимоий соҳалар, айниқса, тиббиёт соҳасининг рақамли тизимини такомиллаштириш, одамларни рози қилиш зарурлигини таъкидлади.
Президентга Самарқанд вилояти Нуробод туманида ташкил этилган “IT Village” ҳақида сўзлаб берилди. Бу мажмуа 1-9 синф ўқувчиларини ахборот технологиялари билан таништириш ва бунга қизиқтириш, уларга илк кўникмаларни ўргатишга қаратилган.
Мирзиёев бундай мажмуаларни барча ҳудудларда барпо этиш бўйича топшириқ берди.