ТОШКЕНТ, 19 дек — Sputnik. Тошкентда коррупцияга қарши курашни ифодаловчи монумент очилди, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Бугун пойтахтдаги “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудида халқаро ҳамжамиятнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ифодаловчи монументнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний иштирок этди.
Тадбирда БМТ бош котибининг ёрдамчиси Александр Зуев ва хорижий мамлакатларнинг расмий шахслари ҳам қатнашди.
“Кафти очиқ қўл кўринишида металлдан ишланган ушбу ўн икки метрлик композиция ҳалоллик, пок амал ва ниятларни, коррупцияга нисбатан мутлақ тоқатсизликни, дунёнинг барча мамлакатларини унга қарши курашишда бирлашишга чақириқни англатади”, — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қатар Давлати амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний амалий ташриф билан Тошкентда бўлиб турибди. Бугун Ўзбекистон ва Қатар етакчиларининг музокаралари бўлиб ўтади.