ТОШКЕНТ, 18 дек — Sputnik. МДҲга аъзо давлатлар маданий мероси виртуал музейини яратиш лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов маълум қилди.
Москва шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди.
“МДҲга аъзо давлатлар маданий мероси виртуал музейини яратиш бўйича ноёб лойиҳа муваффақиятли амалга оширилди”, – деди Арипов Москвада бўлиб ўтган МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида сўзлаган нутқида.
Бундай музейни ташкил этиш ташаббуси Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли эди. Лойиҳадан кўзланган мақсад МДҲ давлатларининг моддий маданий меросини интернет тармоғидаги ягона виртуал музейда бирлаштиришдан иборат.
Ўзбекистон бош вазири, шунингдек, МДҲ давлатлари вакилларига Ўзбекистондаги XV Тошкент халқаро кинофестивалидаги фаол иштироки учун миннатдорлик билдирди.
Унга кўра, қўшма бадиий филмлар суратга олиш яхши анъанага айланган ва ВГИКнинг Тошкент шаҳридаги филиалида Россия ва Ҳамдўстлик мамлакатлари кино юлдузлари иштирокида мунтазам равишда маҳорат дарслари, учрашувлар ўтказиб келинмоқда.
“Биз деярли барча ҳамкорларимиз билан мамлакатларимиз маданияти, тарихи ва замонавий ютуқларининг ёрқин томонларини намойиш этган қатор икки томонлама тадбирларни ўтказганимиз қувонарлидир”, –деди у.
У бу йил Озарбайжон ва Беларусда Ўзбекистон маданияти кунлари, республикада эса Қозоғистон ва Туркманистон маданияти кунлари муваффақиятли ўтказилганини, “Рус фасллари” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар, Қирғизистон ва Тожикистон театрлари билан ўзаро гастрол сафарлари ҳам мунтазам ўтказиб келинаётганини эслатди.
Йиғилиш сўнггида маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари тўғрисида қўшма баён имзоланди.
Қирғизистон Бош вазири Ақилбек Жапаров раислигида ўтган йиғилишда Беларусь Бош вазири Роман Головченко, Озарбайжон Бош вазири Али Идоят ўғли, Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон Бош вазири Қоҳир Расулзода, Арманистон Бош вазири ўринбосари Мгер Григорян, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Хожамират Гелдимирадов ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди.