ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов "Champions Chess Tour 2023" турнирининг ярим финалига чиқди, деб хабар беради Chess.com.
Канаданинг Торонто шаҳрида 9-15 декабрь кунлари соврин жамғармаси 500 минг долларни ташкил қилувчи "Champions Chess Tour 2023" супер турнирининг финали бўлиб ўтмоқда.
Унда дунёнинг энг кучли 8 нафар шахматчиси иштирок этмоқда.
Мусобақанинг биринчи кунида Абдусатторов норвегиялик Магнус Карлсенга имкониятни бой берди. Кейин беларуслик Денис Лозовик ва америкалик Ҳикару Накамура ва Фабиано Каруанани ортда қолдирди.
Ярим финалда ўзбекистонлик шахматчи америкалик рақиби Уэсли Со билан учрашади, ўйин 13 декабрь куни бўлиб ўтади.