ТОШКЕНТ, 13 дек — Sputnik. Евроосиё иқтисодий комиссияси кенгаши “Евросиё электробуси” Давлатлараро дастури лойиҳасини ишлаб чиқишни маъқуллади. Бу ҳақда ЕИК матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжат Беларусь ташаббуси билан ЕОИИ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш доирасида тайёрланган.
"Давлатлараро дастурнинг асосий мақсади Иттифоқ электробус бозорининг ЕОИИда ишлаб чиқарилган юқори даражада маҳаллийлаштирилган маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондиришдир", – деди ЕИК саноат ва агросаноат мажмуи вазири Артак Камалян.
Унинг сўзларига кўра, ушбу мақсадга эришиш учун қатор муаммоларни ҳал этиш зарур: ускуналарни янгилаш ва электробуслар учун бутловчи қисмлар ва агрегатларни оммавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш, бундай бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш.
Шунингдек, Евроосиёлик электробуслар учун ускуналар ва бутловчи қисмлар етказиб берувчиларнинг ваколатларини кучайтириш, улар учун кичик қисмларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш зарур.
Бошқа муҳим масалалар қаторига электробуслар ишлаб чиқаришда илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ваколатларини ривожлантириш ҳамда бутловчи қисмлар таннархидаги импорт компонентини камайтириш киради.
Қуйидаги корхоналар Давлатлараро дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этишларини тасдиқлашди: "Айрон стрим" МЧЖ (Арманистон); "УКҲ "Белкоммунмаш" ОАЖ, Беларусь Миллий Фанлар академиясининг Бирлашган Машинасозлик институти, "МАЗ" ОАЖ (Беларусь), "Камаз" ОАЖ, "РЭНЕРА" МЧЖ (Россия).