ТОШКЕНТ, 9 дек — Sputnik. Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко “Россия сегодня” ходимлари ва унинг бош директори Дмитрий Киселёвни медиа-гуруҳнинг 10 йиллиги билан табриклади.
“Сиз Совинформбюро, "Новости" матбуот агентлиги, "Москва радиоси" ва "Россия овози" анъаналарини муносиб давом эттирмоқдасиз. Буни профессионал, тезкор, журналист этикасининг юксак қонунларига қатъий риоя қилган ҳолда, замонавий технологиялар имкониятларидан максимал даражада фойдаланган ҳолда бажармоқдасиз”, — дейилади табрик телеграммасида.
Матвиенконинг таъкидлашича, “Россия сегодня” журналистлари ахборот фронтида бўлиб, “энг муҳим вазифани – жамоатчилик фикрини акс эттириш ва шакллантиришни ҳал қилиб, Россия ҳақидаги ҳақиқатни, унинг ҳалол ва очиқ позициясини бутун дунёга етказади ва шу орқали халқлар ўртасидаги ўзаро тушунишни мустаҳкамлайди”.
“Сўнгги ўн йил ичида “Россия сегодня” кучли бир нечта соҳаларга ихтисослашган холдингга айланди, унинг аудиторияси нафақат мамлакатимизда, балки хорижда ҳам ўсиб бормоқда. Сизга ва ҳамкасбларингизга ўз олдингизга янги юксак марраларни қўйишда давом этишингизни тилайман. Улар муваффақиятли амалга ошишига ишонаман”, - деди Матвиенко.
“Россия сегодня” халқаро медиа-гуруҳи рус тилидаги ахборот ресурсларини бирлаштиради: РИА Новости, ПРАЙМ, ИноСМИ, Baltnews, Украина.ру, Социальный навигатор, КОТ ва Arctic.ru. Хорижда уни Sputnik халқаро ахборот агентлиги ва радиоси тақдим этади.
Медиа-гуруҳнинг асосий маҳсулотларидан бири бу рус, инглиз, хитой, испан, араб ва форс тилларида ахборот лентаси ҳисобланади. “Россия сегодня” халқаро аудитория, бизнес ҳамжамият, давлат идоралари ва кенг доирадаги фойдаланувчиларга мўлжалланган йирик рус ахборот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчиси.