Қозоғистон биринчи президентининг китоби Мирзиёевга етказилди

6 декабрь куни Қозоғистон биринчи президентининг матбуот котиби Айдос Укибай ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 дек — Sputnik. Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ёзган мемуар асарнинг Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев учун аталган нусхаси топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
6 декабрь куни Қозоғистон биринчи президентининг матбуот котиби Айдос Укибай ташриф билан Ўзбекистонда бўлди.

Ўзбекистон президенти Администрациясида ўтган учрашувда меҳмон Шавкат Мирзиёевга Қозоғистон биринчи президентининг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди. Шунингдек, Айдос Укибай Нурсултон Назарбоевнинг “Менинг ҳаётим. Қарамликдан озодликка” номли мемуарлар китобининг Ўзбекистон президенти учун аталган муаллиф дастхати қўйилган нусхасини топширди.

Тарихий жараёнлар ва шахсий муносабатни ўзида мужассамлаштирган китобда Нурсултон Назарбоев ўзининг ҳаётий йўли, мамлакатнинг шаклланиш ва ривожланиш даври тўғрисидаги хотиралари билан ўртоқлашади. Республикага раҳбарлик қилган охирги ўн йилликлардаги воқеаларга баҳо беради.
Китоб қаҳрамонлари орасида муаллиф сиёсий майдонда кесишган таниқли сиёсатчилар ҳам бор. Қозоғистоннинг биринчи президенти давлат ва ҳукуматлар раҳбарлари, бошқа машҳур шахслар билан муносабатларини таърифлайди.
Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон етакчиси, “атоқли сиёсий арбоб Шавкат Мирзиёев"ни алоҳида қайд этади. Китобда Мирзиёев томонидан олиб борилаётган, Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилаётган ислоҳотлар юксак баҳоланган. Қозоғистон билан ҳар томонлама алоқалар янада жадал ривожлана бошлангани, Шавкат Мирзиёев президент сифатидаги фаолиятининг илк кунлариданоқ қардош мамлакатлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаётгани мамнуният билан қайд этилган.