Ўзбекистон ва Беларусь картошканинг янги навини яратади

Ўзбекистон ва Беларусь картошкачилик соҳасини янги босқичга олиб чиқишни режалаштирмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 дек — Sputnik. Ўзбекистон ва Беларусь картошканинг янги навини яратишга келишиб олди. Бу ҳақида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги хабар берди.
Самарқандда Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилиши, шунингдек, Ўзбекистон-Беларусь бизнес-форуми бўлиб ўтди. Унда, халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалаларига қаратилган бир қатор учрашувлар ўтказилди.
Жумладан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти директори Рустам Низомов ҳамда Беларусь Миллий Фанлар Академияси Мева-сабзавотчилик ва картошкачилик илмий-амалий маркази директори Вадим Маханко ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

“Икки илмий муассаса ўртасида картошкачилик соҳасини ривожлантириш ва янги навни амалиётга татбиқ этишга қаратилган ҳамкорлик меморандуми имзоланди”, - дейилади хабарда.

Томонлар аграр соҳада картошканинг янги навини етиштириш, картошка селекциясини ташкил этиш, “ин-витро” усулида картошка уруғчилигининг янги технологияларини тадқиқ қилиш, халқаро қўшма лойиҳалар доирасида тадқиқотлар ўтказиш, соҳа ходимлари малакаси ошириш каби қатор масалаларни муҳокама қилишди.
Эслатиб ўтамиз, бу йил Ўзбекистонда сабзавотлар етиштириш ҳажми 2,3 %га ошган.
Самарқандда оғирлиги 2 килогача бўлган картошка етиштирилди — фото, видео