ТОШКЕНТ, 5 дек — Sputnik. Ўзбекистон Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) билан ҳамкорликда “Чиқиндиларни энергияга айлантириш” заводини ишга туширади. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Дубайда COP28 форуми доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда “Tadweer” (Abu Dabi Waste Management Company — Абу-Даби чиқиндиларни бошқариш компанияси) ўртасида меморандум имзоланди.
“Меморандум қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришда замонавий, инновацион ва экологик тоза технологиялар ҳамда хизматларни жорий этиш ҳамда барқарорликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, Ўзбекистонда “Чиқиндиларни энергияга айлантириш” заводи ишга туширилиши ҳам режалаштирилган”, — дейилади хабарда.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, ўзаро ҳамкорликда чиқиндиларни қайта ишлаш инфратузилмасини ривожлантириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб кетиш, саралаш, қайта ишлаш, утилизация қилиш, чиқинди газини йиғиш, электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқаришни бошқариш тизимини такомиллаштириш каби муҳим вазифаларни мақсад қилиб қўйилган.
Лойиҳа Навоий, Бухоро вилоятлари ва Фарғона водийсига қаратилган техник-иқтисодий асослашдан бошланади, ҳар бир ҳудудда чиқиндиларни йўқ қилиш амалиёти ўрганилади.
Айтилишича, Ўзбекистонда “Чиқиндиларни энергияга айлантириш” заводининг ишга туширилиши нафақат қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш соҳасида инқилоб ясайди, балки иқлим ўзгариши таъсирини юмшатишга ҳам катта ҳисса қўшади.
Ҳамкорлик доирасида маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш, шунингдек, саралаш, қайта ишлаш ва утилизация қилишни бошқариш тизими ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш учун полигон газини қазиб олишга ҳам эътибор қаратилади. Лойиҳа доирасида қаттиқ маиший чиқиндиларни ишлаб чиқарувчи корхоналарда чиқиндиларни саралаш линиялари ўрнатиш, пластмасса, қоғоз, шиша ва алюминий каби иккиламчи хомашёни қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш ҳам кўзда тутилган.
Қайд этилишича, чиқиндилар ва ресурсларни фаол бошқариш глобал иссиқхона газлари чиқиндиларининг таъсирини 15 –20 фоизга камайтиради. Бу эса атроф-муҳит ва иқтисодий жиҳатдан сезиларли афзалликларга олиб келади.