ТОШКЕНТ, 3 дек — Sputnik. Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Шоҳруҳ Давлатов марафон дастурида Париж-2024 йўлланмасига эга бўлди, дея хабар берди Миллий олимпия қўмитаси.
Ярим марафон бўйича миллий рекорд соҳиби Шоҳруҳ Давлатов марафон дастурида (42 км, 195 метр) Париж-2024 Олимпиада нормативини бажаришга муваффақ бўлди.
У Испанияда ўтган нуфузли “Valencia Marathon Trinidad Alfonso” мусобақасидаги натижаси орқали 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок этиш имкониятига эга бўлди.
Давлатов мазкур турнирда 2:07:02 (2 соат, 7 дақиқа, 2 сония) натижа қайд этди. Бу Париж-2024 Олимпиадаси учун қўйилган талабдан 1 дақиқа, 8 сония яхшироқ натижа.
“Шоҳруҳ ушбу кўрсаткич билан 38 йил аввал ўрнатилган миллий рекордни (2:13:28) ҳам янгилашга муваффақ бўлди. Мусобақада Давлатов умумий ҳисобда 19-ўринни эгаллаган”, — дейилади хабарда.
Атлет ушбу натижага эришиш учун сўнгги икки йил ичида бир неча ой дунёнинг энг кучли марафончилари етишиб чиққан Кенияда ўқув-машғулот йиғинларида иштирок этди. Бу Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 Олимпиадасига қўлга киритган 15-йўлланмаси.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида Тожикистонда “Душанбе XIII халқаро ярим марафон” мусобақаси бўлиб ўтган эди. Унда Шоҳруҳ Давлатов 1:01:24 ҳамда Екатерина Тунгускова 1:13:31 вақт кўрсатиб, олтин медални қўлга киритишган.