Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан БААда бўлади — ташрифдан мақсад

Давлат раҳбари саммитнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлаши ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан БААда бўлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаённинг таклифига биноан 30 ноябрь – 2 декабрь кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши масалалари бўйича конференциясида иштирок этиш учун Дубай шаҳрида бўлади.
Иқлим бўйича глобал саммитда дунёнинг 150 дан ортиқ мамлакатларининг давлат ва ҳукуматлари, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар раҳбарлари қатнашади.
Тадбир кун тартибидан БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси асосий қоидаларини амалга ошириш, бугунги экологик таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, “яшил” тараққиёт мақсад ва вазифаларини илгари суришда кенг ҳамкорлик масалалари ўрин олган.
“Давлатимиз раҳбари саммитнинг ялпи сессиясида нутқ сўзлаши ҳамда қатор икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказиши кутилмоқда”, — дейилади хабарда.
Ўзбекистон БМТнинг Ҳадли конвенциясига 1993 йилда қўшилган, 2018 йилда мамлакатимиз Париж битими иштирокчиси бўлди.