“Кўп ҳолатларда мигрантлар, агар менда ОИВ аниқланса, мен бемалол давлатга кириб чиқишимга чекловлар қўйилади ёки қабул қилувчи мамлакатда қонуний ишга жойлашиш муаммоси бўлиши мумкин деб ўйлашади. Аслини олганда, ҳеч бир давлатда ОИВ аниқланган беморларга ҳеч қандай чекловлар йўқ. Шунинг учун бемалол текширувлардан ўтиб, уларни даволанишга чақирамиз”, — дейди Эгамбердиев.
“Бизда мигрантларда ОИВ-инфекцияси мавжуд ёки мавжуд эмаслигини аниқловчи махсус экспресс тестлар бор. Бу организмдаги инфекцияни аниқлашнинг дастлабки босқичи ҳисобланади. Натижалар чиққандан сўнг ОИВга гумон бўлса, бемор кейинги босқичлар, жумладан, клиник, диагностик ва лаборатория текширувлардан ўтади. Шундан сўнг биз беморда ретровирусга қарши терапияни бошлаймиз. Биз ОИВ аниқланган инсоннинг ёши, жинси ва тана вазнига қараб дори препаратларини танлаймиз. У 3 ой давомида бемор томонидан истеъмол қилингандан сўнг, таҳлиллар қайта ўтказилади. Даволанишнинг бу тури орқали организмдаги вирус юкламаси камаяди, Т – лимфоцитлар сони ортади. Дориларни бемор бир умр истеъмол қилиши керак бўлади” — деди у.
“Базамизда ОИВ билан яшаётган мигрантлар тўғрисида етарли маълумотлар йўқ. Юқорида айтганимдек, касаллик аломатларини сезган беморлар ҳам буни ошкор қилишга чўчишади. ОИВ-инфекциясини олдини олиш ва даволаш учун уларни бу касаллик ҳамда текширув ва даволаниш жараёнларидан хабардор қилиш учун тарғиботни янада кучайтириш керак”, - деди у.