ТОШКЕНТ, 27 ноя — Sputnik. Тошкент, Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифлари белгиланди. Бу ҳақида Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази хабар берди.
Халқ депутатлари Тошкент Самарқанд, Фарғона ва Андижон вилоятлари Кенгашларининг навбатдаги сессияларида вилоятлар ҳудудларида қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун ягона тўлов тарифларини тартибга солиш масалалари муҳокама қилинди.
Ягона тўлов тарифларини кўриб чиқишда Санитар тозалаш ишларини ташкил этиш республика маркази ишчи орган этиб белгиланган.
Ишчи орган томонидан ўтказилган таҳлилларига кўра, ўтган давр мобайнида тўлов тарифларига бевосита таъсир кўрсатувчи асосий омилларнинг нархи ошган.
Нархлар қуйидагича ошган:
иш ҳақи 1,5 бараварга
электр энергияси, ичимлик ва оқова суви нархлари 2 бараварга
сиқилган табиий газ нархи 4 бараварга
бензин 1,5 баравар
дизел ёқилғиси 2 бараварга.
Бироқ қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўлов тарифлари охирги 2-4 йил давомида қайта кўриб чиқилмаганлиги натижасида санитар тозалаш корхоналарининг молиявий ҳолатига салбий таъсир кўрсатган.
"Бу уларнинг 2022 йил якуни бўйича рентабеллик даражаси кескин пасайиб кетишига олиб келган. Шунга кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар учун тўлов миқдори белгиланди", — дейилади хабарда.
Тошкент вилоятининг жами 22 та шаҳар ва туманларида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 4400 сўм ва юридик шахслар учун эса 61 000 (68 320 ҚҚС билан) сўм тўлов миқдори;
Самарқанд шаҳри ва Самарқанд туманида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 5000 сўм ва юридик шахслар учун 90 000 сўм (ҚҚС билан) вилоятнинг бошқа туманларида эса жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 4129 сўм ва юридик шахслар учун 59 693 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори;
Фарғона вилояти шаҳарларида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 5000 сўм ва юридик шахслар учун 48 000 (53 760 ҚҚС билан) сўм вилоят туманларида эса жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 4000 сўм ва юридик шахслар учун 48 000 (53 760 ҚҚС билан) сўм тўлов миқдори;
Андижон вилоятининг жами 16 та шаҳар ва туманларида жисмоний шахслар учун 1 киши ойлик 3500 сўм ва юридик шахслар учун эса 47 500 сўм (ҚҚС билан) тўлов миқдори этиб белгиланиши маъқулланди.