ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Ёмғирнинг ўзи дарахтларни қутқариб қололмайди. Бу ҳақда иқлимшунос эксперт Эркин Абдулаҳатов Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда маълум қилди.
“Олдин дарахт экилган ва ўзидан ўзи кўкариб кетаверган. Энди биз шу нарсани ўргандик. Олдинлари ёмғир кўп ёққанмикин дедик, қарасак, ёмғир ҳозир кўп ёғяпти. Ҳозир биз кўриб турган дарахтлар 60-80-йилларда экилган, улар ўтқизилган пайтда ёмғир кам ёққан”, — деди Эркин Абдулаҳатов.
Унинг сўзларига кўра, йиллик ёмғир 350 мм бўлган, ҳозир 440 мм, яъни 100 мм кўп ёғмоқда.
“Лекин олдинлари дарахт экилганда биринчи йил сув берсангиз, иккинчи йил шарт бўлмаган. Улар илдизи ер остига уланиб кетган ва ўзини ушлаб кетган. Ҳозир эксангиз ва камида 5 йил сув бермасангиз, қуриб қолади. Дарахтларни йўқотишимиз оқибатида ер ости сувлари қочди. Дарахтларнинг ўзи фильтр вазифасини бажариб юрган. Ер ости сувларини чақириб турган. Ва ўзини атрофида газонларнинг ҳам намгарчилигини кўпайтирган”.
Минтақада чўллашишнинг олдини олиш ва атмосферадаги ҳавони ифлослантирувчи чанг майда заррачаларини йўқотиш учун яшиллилик – бу биринчи ўринда эътибор бериладиган масала, дея хулоса қилди у.