ТОШКЕНТ, 22 ноя — Sputnik. Депутатлар “2024 йил учун Ўзбекистоннинг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилишди. Бу ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
Қайд этилишича, депутатлар муҳокамаларда бюджет даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратишган. Хусусан, яширин иқтисодий фаолиятни қисқартириш, рақобат муҳитига салбий таъсир қилувчи самарасиз солиқ имтиёзларини бекор қилиш, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, ажратилган маблағлар натижадорлигини таъминлаш кўплаб таклиф ва тавсиялар батафсил ўрганилди.
“Юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган автотранспорт воситалари учун табақалаштирилган йиғим ставкаларини белгилаш кўзда тутилган. Бунда юк кўтариш қувватидан келиб чиқиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда йиғим ундирилиши назарда тутилмоқда”, — дейилган хабарда.
Шунингдек, энергетик ичимликларнинг 1 литри учун 2000 сўм миқдорида акциз солиғи белгилаш таклиф этилмоқда.
Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизими бўйича аҳолининг тиббий хизматларга бўлган талабини юқорилигини инобатга олган ҳолда қўшимча 25,8 млрд сўм маблағ ажратилиши белгиланмоқда.
Республикада жисмоний тарбия ва спорт соҳаларини ислоҳ қилиш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга 54 млрд сўм қўшимча маблағ ажратилмоқда.
“Ёшларга кутубхонадан кечки вақтда фойдаланиш учун қулай шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси ҳаражатлари учун қўшимча маблағлар ажратиладиган бўлди”, — дейилган хабарда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.