ТОШКЕНТ, 17 ноя — Sputnik. Исроил ва Фаластин музокаралари ҲАМАС томонидан тўхтатиб қўйилди, деди "Россия 24" телеканали эфирида Исроил элчиси Александр Бен Цви.
"Айни дамда ҳеч қандай музокаралар бўлаётгани йўқ. ҲАМАС уларни ўз ихтиёри билан тўхтатиб қўйди", - деди элчи.
Шунингдек, элчининг айтишига кўра, ҲАМАС Исроил кўп маротаба талаб қилишига қарамасдан гаровга олинган шахслар рўйхати ва уларнинг соғлиғи ҳақидаги маълумотларни тақдим этмаган.
Бироз олдин маҳаллий ОАВлар Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ва Исроил ҳукумати Ғазо секторида уч кунлик сулҳ тузишга келишиб олгани ҳақда хабар берган эди.
Хабарда айтилишига кўра, “можаро томонлари ўртасидаги келишув Ғазода уч кунлик сулҳни ўз ичига олади”. Шунингдек, Исроил томони Фаластин анклавига “БМТ назорати остидаги чекланган миқдордаги ёқилғи” ўтказилишига рози бўлган. Лекин телеканал ушбу келишувларнинг кучга кириш санасини эълон қилмаган.
Шунингдек, ОАВ ҲАМАС ва Исроил гаровга олинган 50 нафар аёлни Исроил қамоқхоналарида сақланаётган 50 нафар фаластинлик аёл ва ўсмирга алмаштириш бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берган эди.