Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация МДҲ ПА 56-ялпи мажлисида иштирок этади

Мажлсининг асосий мавзуси МДҲда рус тилининг миллатлараро мулоқот тили сифатидаги роли бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Сенат раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегация Бишкекда бўлиб ўтадиган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) 56-ялпи мажлисида иштирок этади. Бу ҳақида Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати раҳбари Ҳожиакбар Тўлаганов Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилди.
Шу йилнинг 17 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтадиган МДҲ ПА 56-ялпи мажлисининг асосий мавзуси Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигида рус тилининг миллатлараро мулоқот тили сифатидаги роли бўлади.
Унда Озарбайжон, Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон парламент делегациялари раҳбарлари ва аъзолари, халқаро ташкилотлар вакиллари, олим ва экспертлар иштирок этади.

“Мажлисда Сенат раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси иштирок этади”, — деди Тўлаганов.

МДҲ ПА матбуот хизмати маълум қилишича, мажлисни МДҲ ПА Кенгаши раиси, Россия Федерацияси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко ўтказади.
Шунингдек, йиғилишда намунавий қонунлар, МДҲга аъзо давлатлар учун намунавий Жиноят кодексига ўзгартиришлар, ахборот технологиялари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш бўйича тавсиялар, МДҲ давлатлари сувларида ноқонуний фаолиятга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштириш ва МДҲга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий хавфсизликни таъминлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.
МДҲ ПАнинг 56-ялпи мажлиси МДҲ ПА тарихидаги биринчи ялпи мажлисдан 31 йил ўтиб, Қирғизистон пойтахтида ҳам бўлиб ўтади.
Маълумот учун, Aссамблея иштирокчи давлатлар – Озарбайжон, Aрманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон парламент делегацияларидан иборат. МДҲ ПA фаолиятининг 30 йили давомида 600 дан ортиқ ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, МДҲ мамлакатлари парламентларига тақдим этилган. МДҲ ПA кузатувчилари 150 дан ортиқ сайлов ва референдумларнинг мониторингини олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг апрель ойида МДҲга аъзо давлатлар Парламентлараро ассамблеяси қароргоҳида МДҲ ПАнинг 55-ялпи мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда Ҳамдўстлик мамлакатлари парламентарийлари томонидан жами 27 та намунавий қонун ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинди. Улар орасида экология масалаларига оид қатор муҳим қонун лойиҳалари, шунингдек, иқтисодиётни рақамлаштириш ва сунъий интеллектдан фойдаланиш жараёнларини тартибга солувчи ҳужжатлар бор.
Шунингдек, 2022 йилнинг 28 октябрь куни Самарқандда МДҲ ПАнинг 54-ялпи мажлиси бўлиб ўтган эди. Унда14 та намунавий қонун ва 12 та тавсиявий ҳужжат қабул қилинган. Мазкур ҳужжатлар парламентларнинг иқтисодий, ҳуқуқий, гуманитар ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорлигини юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.