Япония компаниялари Ўзбекистонда чиқиндиларни қайта ишлашда ёрдам бериши мумкин

Ўзбекистон ва Япония иқлим ўзгариши, сув ва ҳавонинг ифлосланиши ва чиқиндиларни бошқариш соҳаларида ҳамкорлик ҳақида меморандум имзолаган эди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 ноя — Sputnik. Япония компаниялари Ўзбекистонга чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик учун жалб қилиниши мумкин.
Бу ҳақида бугун экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Осиё тараққиёт банки Сув ва шаҳарсозликни ривожлантириш сектори катта директори Норио Саито билан учрашувда маълум бўлди.

"Учрашув давомида шаҳарларни комплекс ривожлантириш, экология соҳасидаги ходимлар малакасини ошириш, Япониядаги чиқиндини қайта ишлаш соҳасидаги компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш каби долзарб масалалар муҳокама қилинди", - дейилади хабарда.

Шунингдек, Япониядаги чиқинди соҳасида етакчи компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш, соҳада Осиё тараққиёт банки томонидан инвестицияларни олиб кириш, грантлар ажратилиши ҳамда вазирлик ва қуйи ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш борасида ўзаро ҳамкорлик қўллаб-қувватланадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 23 декабрда Япония Экология вазирлиги билан ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Меморандумга кўра, томонлар иқлим ўзгариши, сув ва ҳавонинг ифлосланиши, чиқиндиларни бошқариш соҳаларида доимий ҳамкорликни йўлга қўйиши белгиланган эди.
Осиё тараққиёт банки (ОТБ) томонидан Марказий ҳамда Ғарбий Осиё ҳудудларида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг 17 фоизи Ўзбекистонга тўғри келмоқда. 2023 йилда Ўзбекистонга жами 3,5 миллиард долларга яқин миқдорда 25 та лойиҳа имзоланган.