“Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун имзоланди – тафсилотлар

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ёки бошқа мамлакатлардан олиб келинадиган кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари рўйхатга олиниши лозим.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Ўзбекистон президенти 9 ноябрь куни “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонунга мувофиқ, Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган ёки бошқа мамлакатлардан олиб келинадиган кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари рўйхатга олиниши лозим.
Рўйхатга олиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги (махсус ваколатли давлат органи) томонидан ўтказилган синовлар натижалари асосида амалга оширилади.
Кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари 5 йил муддатга рўйхатга олинади.
Рўйхатга олиш учун синовларни ўтказиш муддати 2 йилдан ошмаслиги керак.
Ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича шошилинч чоралар кўрилишини талаб қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, рўйхатдан ўтказилмаган ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини 1 йилгача муддатда тажриба тариқасида қўллашга йўл қўйилади.
Кимёлаштириш воситалари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситаларини фақат махсус омборхоналарда ёки махсус хоналарда сақлашга йўл қўйилади. Уларни махсус идишсиз сақлаш тақиқланади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.